Вендетта
Вендетта (итал. вендетта — ўч олиш) — Сардиния ва Корсика о. ларида ўлдирилган қариндош уруғлари учун қонли ўч (хун) олиш одати (удуми). Ўрта денгизда ҳукмронлик қилишга интилган Шим. Африкадаги қабилалар ва денгиз қароқчиларининг босқинчилик юришларидан энг кўп азият чеккан Корсика о. аҳолиси ўзида жанговарлик ва мустаҳкам оила тузуми асосларини сақлаб қолган. Шу туфайли Корсика В. си ўзига хос хусусиятларга эга эди. В. хусусий уруш тури бўлиб, уруғ-оиланинг манфаатлари ёхуд шаъни йўлида амалга оширилган. В., одатда, зинокорларга, айғоқчига нисбатан, шунингдек сохта гувохлик оқибатида айбсиз шахс ўлимга ёки каторгага ҳукм этилган бўлса ва б. ҳолларда қўлланган. Бу ҳолда, одатда, оилавий кенгаш чақирилиб етказилган зиёнзаҳмат, ўч олиш воситалари ва ҳатто ярашиш масалалари атрофлича муҳокама этилган. В. масаласи ҳал қилинса, уни қай шакл-да ва ким томонидан амалга оширилиши белгиланган. Одатда, бу ишни бажариш оила шаъни учун ҳаётини қурбон қилишга тайёр бўлган бўйдоқ йигитларга юклатилган. Рақибга "эҳтиёт бўл" деган мазмунда огоҳлантирувчи белги жўнатилган. Бироқ уруш эълон қилинган пайтдан эътиборан ҳам узоқ муддатли келишувга йўл қўйилган ва бу одатни ҳеч ким, ҳатто энг ашаддий корсикалик бандит ҳам уни бузишга журъат қилмаган. В. да турли хил ҳарбий ҳийлалар, пистирмалар, яширин суратда ўлдириб кетиш ва б. га йўл қўйилган. В. ни амалга оширган шахс кўпинча бир умрга тинч ҳаётни тарк этиб, йўлтўсар, қароқчига айланиб кетган. 17-аср охири — 18-аср бошларида В. туфайли 28 минг қотиллик содир этилган. 20-аср бошларида ҳам мавжуд бўлган.
Адабиётлар
[edit | edit source]- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
![]() | Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |