Jump to content

Ёзув

From Vikipediya

Ёзув деб тилнинг матн орқали ифодаланишига айтилади. Бунда матн ёзув тизими деб номланувчи тайинли белги ва рамзлардан иборат бўлади.[1] Ёзув расм ёки магнитли аудиоёзув каби матнмас ифодаловчи ёки тил сақловчи воситалардан фарқланади.

Ёзув ва пероли ручка.

Ёзув – муайян бир тилда қабул этилган ва кишилар ўртасидаги мулоқатга хизмат қиладиган ёзма белгилар ёки тасвирлар тизими. Ёзув— кишилик жамияти маданий тараққиётининг том маънодаги ибтидоси, башариятнинг узоқ ва мураккаб тадрижий такомили жараёнидаги омилларнинг энг асосийларидан бири. Ёзув тилдан анча кейин пайдо бўлган (товуш тили 400—500 минг йиллар илгари юзага келган, Ё.нинг пайдо бўлганига эса 4—5 минг йиллар бўлган). Оғзаки тил (нутқ)нинг замон (вақт) ва макон (масофа) нуқтаи назаридан чекланганлиги ва уни бартараф этиш зарурияти Ё.нинг пайдо бўлишига олиб келган. Огзаки тил талаффуз вақтидагина ва айни пайтда муайян масофадаги (товуш тўлқинлари етиб бориши мумкин бўлган) киши учунгина мавжуддир. Бошка шароитларда тилга эҳтиёж пайдо бўлиши билан инсон даҳоси бу эҳтиёжни қондира олувчи воситаларни қидира бошлаган, натижада белгилар тизимидан иборат ёзув дунёга келган. Ё.нинг пайдо бўлиши ва тараққиёти жамият ривожи, шунингдек, муайян масофадаги кишиларнинг ўзаро алоқа қилиш эҳтиёжи, сиёсий, ҳуқуқий, диний ва эстетик ҳарактердаги ахборотларни қайд этиш, сакдаш зарурияти билан бевосита боғлиқ. Халкларнинг давлат сифатида бирлашуви нутқий алоқа доирасини кенгайтиради ва мураккаблаштиради; и.ч. ва савдо кенгаяди; бошқа халклар ва давлатлар билан ҳарбий, сиёсий ва б. шартномалар тузилади; қонунлар пайдо бўлади ва мустаҳкамланади; диний қарашлар ва мафкуранинг бошқа турли кўринишлари шаклланади; халқларнинг ўз тарихини билишга бўлган эҳтиёж кучаяди. Буларнинг барчасини фақат оғзаки нутқ воситасида амалга ошириш мумкин эмас. Бу шароитда ёзув заруриятга айланади. Ёзув оғзаки тилга нисбатан иккиламчи, қўшимча алоқа воситаси бўлсада, унга қараганда кўп афзалликларга эга. Хусусан, тилнинг асосий вазифаси – кишилар ўртасидаги алоқани таъминлашдир. Тилнинг коммуникатив вазифаси ёзув сиз амалга ошиши мумкин эмас. Тилнинг эстетик, гносеологик (дунёни билиш) каби асосий вазифаларини ҳам ёзувсиз тасаввур қилиш қийин. Айниқса, тилнинг инсоният қўлга киритган тажрибабилимларни сақлаш ва авлодларга етказишдан иборат вазифаси бевосита ёзув орқали бажарилади. Кишилик жамияти яратган билим ва тажрибалар, кашфиётлар, сўз санъати дурдоналари ва б. қимматли ахборотларнинг барчабарчаси авлодлардан авлодларга ёзув орқали етиб боради. Тил жамият тарихи билан қанчалик боғлиқ бўлса, ёзув ҳам шунчалик боғлиқдир. Дастлабки қарашларда Ё.нинг келиб чиқишини илоҳиётга боғлаш учрайди. Бу аслида Ё.нинг тенгсиз имкониятларини тасаввурга сиғдира олмаслик, ёзув магияси („Ёзув сеҳрли қудратга эга“ деган ишонч) оқибатида келиб чиққан жўн тасаввурлар маҳсулидир. Ёзув кишилик жамиятининг зарурий эҳтиёжи асосида пайдо бўлиб, ривожланиб борган. Бугунги шаклини олгунга қадар узоқ ва мураккаб тадрижий тараққиёт йўлини босиб ўтган. Инсон акли Ё.дай мукаммал алоқа воситасини кашф қилгунча узоқ изланган. Энг қад. даврларда дунё халқларининг деярли барчасида кенг тарқалган „эслатувчи“ белгилар ана шу изланишларнинг илк кўринишлари эди. Мас, муайян миқдорни ифодалаш учун турли тошлар, чиғаноклардан фойдаланилган, таёклар, дарахтларга ҳар хил иплар боғлаш, тугунлар тугиб қўйиш ва б. воситалар билан муайян ахборотни эсда сақлаш ёки муайян масофага юборишга ҳаракат қилинган. Ёки бир хабарни узоқ масофага етказиш учун тутун, гулхан, барабан овози ва ш.к. қўлланган. Хабарни узоқ вақт сақлаш учун рамзий маъно берилган буюмлардан фойдаланилган: қўрғон – марҳум кўмилган жой белгиси; славян қабилаларида нонтуз – дўстлик белгиси; трубка – тинчлик, сулҳ белгиси ва б. „Буюмли ёзув“ номи билан юритиладиган бундай ахборот воситаларининг қолдиқлари ҳозирда ҳам баъзан сақланган. Мас, бирор фикрни эсдан чиқариб қўймаслик учун рўмолчанинг учини тугиб қўйиш одатини ёдга олиш мумкин. Расмли ёзув (пиктография) ёзув яратиш йўлидаги биринчи қадам бўлган. Расм билан ёзув ўртасида узвий боғлиқлик мавжуд, аввало, ҳар иккаласи ҳам кўриш орқали идрок қилинади. Пиктографик ёзувни ибтидоий тасвирий санъат ичида юзага келган дейиш мумкин. Археолог олимларнинг бундан жуда кўп минг йилликлар илгари инсонлар томонидан чизилган турли расмларнинг мавжудлиги ҳақидаги маълумотлари маълум. Тошларга, суякларга, ғор деворларига ўйиб ишланган хилма-хил ҳайвонларнинг расмлари, умумий мазмунга бирлашувчи тасвирий лавҳалар – буларнинг бари пиктографик Ё.нинг асосларидир. Ана шу ибтидоий тасвирий санъат икки йўналишда – умуман расмлар ва муайян ахборот воситаси, яъни ёзув сифатида шакллана борган. Буни дунё тилларининг жуда кўпчилигидаги „ёзмоқ“ маъносидаги сўзларнинг этимологиясига эътибор қилганда ҳам билиш мумкин. Бундай сўзларнинг этимологиясида асосий мазмун расм чизиш жараёни билан боглиц ҳолда намоён бўлади. Масалан, қадимги туркий тилларда "ёзмок, " тушунчаси „бит(и)моқ“ феъли („битик“ – ёзув, китоб) билан ифодаланган. Бу феълнинг ўзаги хитойча „би“ (мўйқалам) сўзи билан алоқадор бўлиб, дастлабки маъноси „ўймоқ, ўйиб безамоқ“, ундан кейин „ёзмоқ“ демакдир. Славян тиллардаги „писати“ (рус. „писат“ – "ёзмок, ") феълининг маъноси ҳам дастлаб мўйқаламда расм чизиш билан боғлиқ бўлган (рус. „живопис“ – рангтасвир сўзи билан қиёсланг). Бу феълнинг ўзаги лот. „пингере“ (расм солмоқ) сўзи билан алоқадордир, „писати“ феълининг дастлабки маъноси, кўринадики, „расм солмоқ“, "безамок, "дан иборат бўлган. Готча „мелиан“ (ёзмоқ) феълининг дастлабки маъноси ҳам мўйқаламда „расм солмоқ“ бўлиб, бу феъл ҳоз. немис тилида „мален“ шаклида ва „расм солмоқ“ маъносида қўлланади. Юнон тилидан кўпгина тилларга ўтган „графика“ сўзи ҳам этимологик жиҳатдан ўйиш, тирнаш тушунчаларини ифодалайди. Бу мисоллар Ё.нинг расм билан бениҳоя боғлиқ эканлигини яққол кўрсатади, ёзув жараёни механикасини ҳам очиб беради. Расмлар ёрдамида муайян фикрахборотни ифодалаш, юбориш мумкин эканлигини одамлар жуда қад. даврларда англаб етганлар. Шунинг учун қам расмли ёзув (пиктография) дунёдаги мавжуд барча Ё.ларнинг келиб чиқиши учун асос бўлган дейиш мумкин. Пиктографиянинг оғзаки тил билан боғлиқ бўлмаганлиги унинг турли тил вакиллари томонидан ҳам тушунилаверишини таъмин этган, аммо унда ифодаланган мазмуннинг турлича, ихтиёрий талқин этилишига йўл қўйган, абстракт тушунчаларни бундай ёзув орқали ифодалаш деярли мумкин бўлмаган. Давлат тузуми ривожланиб, турли ёзишмаларга ва бу ёзишмаларнинг айни бир хил талқин қилинишига бўлган эҳтиёж кучайиб борган сари пиктографик Ё.нинг ожиз томонлари кўпроқ кўзга ташлана бошлаган. Бу ҳол пиктографик Ё.нинг тараққиётига, идеографик ва иероглифик Ё.нинг шаклланишига олиб келган. Расмларнинг соддалашуви, уларнинг ўзлари ифода этган буюмларнинг номига, рамзига айланиши ва астасекин бу рамзларнинг оғзаки тил билан доимий боғланиши Ё.нинг такомиллашиб боришини белгилаб беради. Ёзув белгилари идеографик, иероглифик белгилар сифатида муайян сўзларнинг ифодачиларига айланади, бу ёзув „сўз ёзуви“ ёки „логографик ёзув“ номи билан умумлаштирилади. Энг қад. логографик ёзув тизимлари (миср иероглификаси, шумер миххатлари, хитой иероглификаси ва б.) мил. ав. 4минг йилликнинг охиридан мил. ав. 2минг йилликларнинг бошларигача бўлган даврда шаклланган. Ҳақиқий маънодаги ёзув тизимлари дастлаб Қад. Шаркда вужудга келган. Ё.нинг кейинги тараққиёт босқичи бўғин Ё.и бўлиб, у мил. ав. 2минг йилликларнинг ўрталарида пайдо бўлган. Тилдаги сузлар сонига қараганда бўғинлар сони анча кам, шунинг учун ҳам бўғин Ё.и логографик Ё.га нисбатан сезиларли даражада оз белгилар тизими билан иш куради. Масалан, деванагари (хинд) ёзув бўғин Ё.идир. Ҳарфтовуш Ё.ининг шаклланиши бутун ёзув тараққиёти тарихида инқилоб бўлган. Бу йўналишдаги илк ёзув финикий езувадир. Финикий алифбосининг пайдо бўлиши инсоният учун Ё.ни такомиллаштириш борасида олға қўйилган қадам бўлган. Биринчи марта соф товуш Ё.и, саноқли ҳарфлардан иборат мукаммал алифбонинг юзага келиши жамиятдаги Ё.ни биладиган кишилар доирасини кенгайтириб юборган. Шунинг учун ҳам финикий ёзуви жуда тезлик билан бошқа халқлар орасида ҳам тарқалган. Бу жараён мил. ав. 9-асрдан бошланган. Финикияликлар билан иқтисодий ва маданий алоқада бўлган қўшни халклар мазкур ёзув билан танишиб, тез орада уни ўз тилларига мослаштириб олганлар. Ҳоз. кунда бизга маълум бўлган ҳарфтовуш тизимидаги Ё.ларнинг 4/5 қисмидан кўпроғи финикий ёзувидан келиб чиққан. Нутқни энг кичик бўлакларга – товушларга ажратиб тасаввур қилиш, идрок этиш дастлабки пайтларда у қадар осон иш бўлмаганлиги сабабли ҳарф-товуш ёзув и ёки алифболи Ё.нинг пайдо бўлиши жараёни узоқдавом этди. Бунда инсон дастлаб нутқни сўзларга, кейин бўғинларга, ундан кейин эса товушларга ажратиб тасаввур қила олишдай беҳад мураккаб ва узоқ йўлни босиб ўтган. Тилдаги товушларни алоҳидаалоҳида идрок қилиш товуш Ё.нинг ибтидосидир. Ҳарфтовуш Ё.нинг муҳим афзаллиги унинг кам миқдордаги, яъни 20—30 атрофидаги белгилар бнгина иш кўра олишидир. Ҳарф-товуш Ё.и дунё халклари орасида жуда тез тарқалган ва бу жараён, асосан, ўзлаштириш, у ёки бу тилнинг хусусиятини ҳисобга олган ҳолда мослаштириш юли билан бўлган. Ўрта Осиёдаги халклар, жумладан, ўзбек халқи турли Ё.лардан фойдаланиб келган. Бу Ё.лар авесто, пахлавий, урхуненисей (руник), туркий (уйғур), сўғд, араб, Кирилл, лотин Ё.ларидир. Ёзув билан тил ўзаро чамбарчас боғлиқ. Бирор тилни шу тилнинг Ё.ини ўрганмасдан, ёки аксинча, бирор Ё.ни шу ёзув тегишли бўлган тилни билмасдан ўрганиш мумкин эмас. Аммо ёзув оғзаки тил (нутқ)ни айнан акс эттира олмайди. Зотан, ёзув шундай хусусиятга эга бўлганда, имло кридаларига, талаффуз мезонларига мутлақо эҳтиёж қолмаган бўларди. Юксак такомиллаштирилган алифбодаги бир ҳарф муайян бир товушни ифодалаши, бир товуш муайян бир ҳарф билан ифодаланиши лозим. Аммо дунёда бундай алифбо йўқ. Ана шундай маънодаги алифбога фин алифбоси бирмунча яқинлашади, лекин барибир тўлиқ эмас. Ҳоз. инглиз, франсуз ва б. тиллар алифболари бундай мукаммалликдан йироқ. Мана шу ҳолат дунё тилларининг барчасида хилма-хил ва жуда кўплаб график ва имло қоидаларининг ишлаб чиқилишига сабаб бўлган. Ёзув билан тил ўртасида, алифбо ва тилнинг товуш тизими ўртасида бундай фарқли ҳолатларни юзага келтирган сабаблар хилма-хил. Аввало, дунёдаги ҳозирда мавжуд алифболарнинг деярли ҳаммаси ҳам мустақил ва тегишли тил хусусиятларини тўлиқ ҳисобга олган ҳолда яратилган эмас. Кўпчилик халклар ўз Ё.ларини бошқа тил Ё.ини ўз тилларига имконият даражасида мослаштириш йўли билан яратганлар. Бу ҳол ёзув ва тил муносабатларида ўз изини қолдирган. Айни пайтда ёзув ва тилнинг тараққиёти бир хил, бирбири билан тўла мое келадиган жараён эмас. Тилнинг тараққиёти тарихий ва узлуксиз жараён, одамлар тилга атайлаб, онгли равишда бирон-бир ўзгартириш кирита олмайдилар. Тилдаги у ёки бу ўзгариш тадрижий равишда, аста-секин юз беради. Ёзув ҳақида эса бундай деб бўлмайди. Одамлар тил хусусиятларига янада мослаштириш учун Ё.га турли узгартишлар киритадилар, ислоҳотлар қиладилар, бир ёзув тизимини бошқаси билан алмаштирадилар ва ҳоказо. Масалан, ўзбек халқи неча йиллар давомида араб алифбосидан фойдаланиб келган, 1923—26-йилларда бу Ё.ни ўзбек тили товуш қурилишини тўлароқ ифодалашга мослаштириш мақсадида бир қатор ҳарфий ўзгартиришлар киритилган. Ўзбекистонда 1929-йилдан лотин Ё.и асосидаги ўзбек алифбосига утилган, 1940-йилдан эса Кирилл Ё.и жорий этилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши 1993-йил 2 сентабрда „Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш туғрисида“ги қонунни қабул қилди. Бу қонунга ва уни амалга киритиш тартиби хақидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарорига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 1995-йил 6 майда ўзгаришлар киритадиган қонун қабул қилди. Бу ҳужжатга кўра лотин Ё.ига асосланган янги ўзбек алифбоси 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар қўшилмасидан иборат. Янги алифбога тўла ўтиш 1996-йилдан бошланиб, 2005-йилда тугалланиши белгиланган. Ёзув тараққиёти тилнинг табиий тарак, қиётидан анча орқада юрганлиги учун муайян сўз ёки сўз шаклининг ёзилиши билан талаффузи айнан мое келавермайди. Бу табиий ва қонуний ҳол бўлиб, ёзув ва оғзаки нутқ ўртасидаги бундай номувофиқликларни имло қоидалари тартибга солиб туради. Дунёдаги алифболарнинг ҳаммасида ҳам ҳарфлар сони тегишли тилдаги товушлар (фонемалар) сонидан сезиларли даражада кам. Табиийки, бу ҳол Ё.ни ўзлаштиришни осонлаштиради. Шунинг учун ҳам алифболардаги асосий тамойил ундаги ҳарфлар сонини купайтириш эмас. Алифбо Ё.нинг асосини ташкил этади. Тиниш белгилари ва б. ёзма белгилар ҳам Ё.нинг унсурлари ҳисобланади.

Ёзув қадимги маданиятларнинг сиёсий кенгайиши натижасида келиб чиққан ахборот узатиш, молиявий ҳисоб-китоб ва тарихий қайдлар олиб боришга эҳтиёж туғилганида пайдо бўлган, деб тахмин этилади. Эрамиздан аввалги 4-минг йилликка келиб Месопотамияда савдо ва маъмурият мураккаблиги одам хотираси учун ҳаддан ташқари катталашди ва ёзув қайдлар олиб бориш ва сақлаш учун ишончли усулга айланди.[2] Қадимги Миср ва Мезоамерикада ёзув эҳтимол тақвимлаш ва тарихий ҳамда экологик ҳодисалар қайдини олиб бориш орқали ривожланган. Хитойда топилган энг қадимги ёзув намунаси эса қироллик маҳкамасидаги фолбинлик амалиётини таърифлайди.

Адабиёт

[edit | edit source]
  • Фридрих И., История писма, М., 1979; Гелб И. Е., Опит изучения писма. Основи грамматологии, М., 1982; Истрин В. А., Возникновение и развитие писма, М., 1965; Махмудов Н., Ёзув тарихидан қисқача луғатмаълумотнома, Т., 1990. Низомиддин Маҳмудов.[3]

Манбалар

[edit | edit source]
  1. Петер Т. Даниэлс, „Тҳе Студй оф Wритинг Сйстемс“, ин Тҳе Wорлдъс Wритинг Сйстемс, эд. Бригҳт анд Даниэлс, п. 3
  2. Робинсон, Андреw „Тҳе Оригинс оф Wритинг“ ин Давид Cроwлей анд Паул Ҳеер (эдс) Cоммуниcатион ин Ҳисторй: Течнологй, Cултуре, Соcиэтй (Аллйн анд Баcон, 2003).
  3. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил