Татарлар
Бу мақолада манбалар <ref></ref> тегларига олинмаган ёки умуман кўрсатилмаган. |
Татарлар — халқ, Татаристоннинг асосий аҳолиси (2,012,571 киши, 2010-йил ўрталари). Россия Федерациясининг Бошқирдистон, Мари Республикаси, Мордовия, Удмуртистон, Чувашистон республикалари, Нижний Новгород, Киров, Пенза ва бошқа вилоятларида ҳам яшайди. Шунингдек, туркий тилда сўзлашувчи Сибир (сибир татарлари), Қрим (қрим татарлари) ва бошқа қавмларни ҳам татарлар деб аташади. Умумий сони — 7 млн. киши. Россия Федерациясидаги умумий сони (қрим татарларидан ташқари) 5,310,649 киши (2010-йиллар ўрталари). Татар тилида сўзлашади. Диндорлари — сунний мусулмонлар. Деҳқончилик, чорвачилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланади.
Биринчи марта "Татар" этноними 6—9-асрларда Байкал кўлининг жануби-шарқий соҳилларида яшовчи кўчманчи мўғул қабилалари орасида учраган. Мўғуллар истилоси даври (13-аср)да "Татар" номи Европага маълум бўлган. Туркий тилли қабилаларнинг Урал ёни ва Волга бўйига кириб бориши мил. 3—4-асрларга тўғри келиб, гуншар ва бошқа қабилаларнинг Шарқий Европага истилоси даври билан боғлиқ. Татарлар угор-фин халқлари билан аралашиб кетган. 5— 7-асрларда туркий қабилалар Турк хоқонлиги босқини муносабати билан Ғарбий Сибир, Волга бўйи ва Урал ёни минтақаларига қайта кириб келишган. 7— 8-асрларда Азов бўйидан Волга бўйига булғорлар келиб, туркийлар ва маҳаллий угор-финлар билан бирга Волга-Кама Булғорияси давлатини тузганлар. 15— 16-асрлардаги давлатлар (Қозон, Астрахон, Қрим, Сибир ва бошқа хонликлар) даврида татарларнинг алоҳида гуруҳлари — Ўрта Волга бўйи ва Урал ёни (Қозон татарлари, мишарлар), Астрахон татарлари, Сибир татарлари, Қрим татарлари ва бошқа татарлар шакллана бошлаган.
Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |