Криминалистика
Криминалистика (лот. cриминалис — жиноятга доир) — суд далилларини йиғиш, қайд қилиш, тадқиқ этиш ва улардан фойдаланишнинг махсус усул ва воситалари тизимини ишлаб чиқувчи фан. Мазкур усуллар ва воситалар жиноятларни фош қилиш, текшириш ва олдини олиш учун қўлланади. Бир қатор ҳолдарда эса бу усул ва воситалардан фуқаролик ишларини судда кўриб чиқишда фойдаланилади.
Криминалистика фан сифатида ХИХ аср охири ХХ аср бошида шаклланди. Бу фан жиноятга оид судлов ишларини юргизиш, жиноят ҳуқуқи, криминология, мамурий ҳуқуқ, шунингдек, суд тиббиёти, суд психиатрияси ва бошқалар билан чамбарчас боғланган. Криминалистиканинг умумий назарияси, криминалистик техникаси, криминалистика тактикаси ҳамда алоҳида жиноят турларини текшириш ва олдини олиш кабилар криминалистика фанининг энг муҳим бўлимлари ҳисобланади. Криминалистика техникаси далилларни тўплаш, қайд қилиш ва тадқиқ этиш бўйича махсус усулларни, илмий-техник воситалар тизимини ўз ичига олади. Криминалистиканинг мазкур қисмига суд баллистикаси, трасология, суд лингвистикаси, одорология (жиноятларни очишда ҳиддан фойдаланиш), дактилоскопия, судга оид суратга олиш ва бошқа киради. Табиий ва техника фанлари ютуқларидан, математик ва статистик методлардан, ҳисоблаш машиналари, газли хроматоғрафия, теле, радио, овоз, тасвир, ёзув, компютер воситалари ва бошқалардан кенг фойдаланиш криминалистик техникасини ривожлантириш тамойили ҳисобланади. Шу асосда ёзувни текшириш, "юз қиёфани оғзаки чизиш", трасологияда хилма-хил нусхаларни олиш ва ҳоказонинг замонавий методикаси шаклланади. Криминалистика техникаси қидирув ва тергов фаолиятида техник қуроллар (махсус аппаратлар, жиҳозлар)дан ҳам фойдаланишни кўзда тутади. Криминалистика жиноятларни текшириш ва уларни олдини олиш тажрибасини умумлаштириш, жиноятчилар қўллайдиган усулларни ўрганиш, шунингдек, турли фан соҳаларида эришилган ютуқлардан фойдаланиш асосида криминалистика тактикасини тезкор-қидирув тадбирлар тизмини ишлаб чиқади. Криминалистика техникаси ва тактикаси усулларидан жиноятчини таниб олишда, тергов тажрибалари, тинтув ўтказишда ва бошқа тергов ишларида кенг қўлланади. Жиноятларнинг муайян турини (одам ўлдириш, ўғрилик, талон-торож, порахўрлик ва бошқалар) текширишда ишлатиладиган усуллар, методлар ва воситалар йиғиндиси жиноятларнинг айрим турларини текширишнинг методикасини ташкил этади. Бу методикага мувофиқ жиноятларни текшириш ва судда кўриб чиқиш давомида тергов ҳаракатлари, тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишнинг изчиллиги ва ўзига хос томонлари аниқланади. Криминалистика техникаси ва тактикаси усуллари ҳамда воситалари ишлаб чиқилади.
Суд тергови жараёнида, турли моддий изларни, ашёвий далилларни текширишда криминалистика экспертизаси муҳим рол ўйнайди. У суд экспертизасининг турларидан бири бўлиб, криминалистика маълумотларига асосланади. Бунда жиноий ва фуқаровий ишларга оид ашёвий далиллар ва бошқа материаллар экспертлар томонидан текширилади. Бу иш одам, ҳайвон, транспорт воситалари, турли асбоблар, қурол-яроғ ва ҳоказонинг излари, тасвирига ёки бутун варсани айрим бўлакларига қараб идентификациялаш (аниқлаш, қиёслаш) мақсадида амалга оширилади.
Ўзбекистонда криминалистик экспертизаси ўтган асрнинг 40-йилларидан бошлаб Адлия вазирлиги ҳузуридаги илмий тадқиқот лабораториясида ўтказилиб келинди. Кейинчалик Адлия вазирлиги ҳузуридаги илмий тадқиқот лабораторияси негизида Суд экспертиза илмий тадқиқот институти, сўнгра шу вазирлик ҳузурида давлат экспертиза маркази ташкил этилди. Мазкур марказ республикада криминалистика фанини ривожлантириш, етук миллий юрист ходимларни етиштириш ишига катта ҳисса қўшган академик Хадича Сулаймонова номи билан аталади. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда криминалистика ни ривожлантириш, криминалистика экспертизасини ўтказиш ишини энг завонавий техника воситалари билан таъминлаш тадбирлари кўрилди. Криминалистика фан сифатида Ўзбекистон миллий университети, ТДЙУ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси ва бошқа ўқув юртларида ўқитилади.
Адабиёт
[edit | edit source]- Расследование преступлений, Т., 1986. Роҳшш Алимова.[1]
Манбалар
[edit | edit source]Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |